Лойиҳаларни амалга ошириш устидан жамоат назорати механизмини яратиш

“Тошкент шаҳар туманлари бюджетлари қўшимча манбаларининг 10 фоизи ҳисобига молиялаштириладиган, жамоатчилик фикри асосида шакллантирилувчи лойиҳалар (тадбирлар)ни саралаш ва амалга оширишнинг шаффоф механизмини яратиш устидан жамоат назоратини ташкил қилиш” лойиҳасининг биринчи муҳокамаси ўтказилди.

Бир вақтда иккита форматда – юзма-юз ва Zoom’да ўтган муҳокамада Молия вазирлиги, “Юксалиш” ҳаракати, Тошкент туманлари ҳокимликлари ва шаҳар ҳокимлиги ҳузуридаги Жамоатчилик кенгаши вакиллари қатнашдилар.

Лойиҳа ҳақидаги маъруза билан унинг муаллифи ва ташаббускори, шаҳар ҳокимлиги ҳузуридаги Жамоатчилик кенгаши Иқтисодиёт ва шаҳар хўжалигини ташкил қилиш комиссияси раиси Баҳодир Хўжаев чиқиш қилди.

Тақдимотда Баҳодир Эргашевич муаммо манбаини тушунтирди: Президетнинг 2018 йил 22 августдаги ПҚ-3917-сонли “Бюджет маълумотларининг очиқлигини ва бюджет жараёнида фуқароларнинг фаол иштирокини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарорига мувофиқ, туманлар бюджетларининг 10 фоизи жамоатчилик фикри асосида шаклланган тадбирларни молиялаштиришга йўналтирилади. Аммо бу маблағлардан фойдаланиш механизми мавжуд эмас ва бу ҳол шаҳарликлар муаммоларини ҳал қилишни орқага сурмоқда.

Шу билан бирга, Европа Иттифоқи мамлакатлари, Бразилия, Уругвай, Колумбия, Аргентина ва Россияда “Ташаббус асосида бюджетлаш” тажрибаси мавжуд.

Жаҳон тажрибаси ва мамлакатимиз қонунчилигининг таҳлили асосида жамоатчилик истакларини ҳисобга олган ҳолда, лойиҳаларни нафақат назорат, балки саралашни ҳам қамраб олувчи лойиҳа ишлаб чиқилди.

Лойиҳада жамоатчилик ва консалтинг хизматлари кўрсатувчи мутахассислар фикрларини ҳисобга олган ҳолда молиялаштириш учун лойиҳа танлаш қадамлари белгиланди.

Лойиҳа муҳокамасида Молия вазирлиги ва “Юксалиш” ҳаракати вакиллари иштирок этдилар. Услубиётни кенг татбиқ қилиш ва Ўзбекистоннинг барча минтақаларида қўллаш имконияти нуқтаи назаридан бу ишнинг аҳамияти алоҳида таъкидланди.

Шунингдек, лойиҳани оммалаштириш, жараённинг барча иштирокчилари учун содда қўлланмалар яратиш зарурлиги таъкидлаб ўтилди.

Лойиҳа устида ишлаш давом этмоқда ва тез орада у шаҳар ҳокимига тасдиқлаш учун киритилади.

Лойиҳаларни амалга ошириш устидан жамоат назорати механизмини яратиш