Экологик акция

Тошкент шаҳар ҳокимлиги томонидан ўтказилаётган “Тошкент ёшларни севади” ёшлар фестивали доирасида Тошкент шаҳар Ҳокимлиги ҳузуридаги Жамоатчилик кенгаши ва Экологик қурилиш бўйича кенгаш томонидан 14 ноябрь куни Ал Хоразмий майдонида дарахт кўчатлари экилди.

Акцияда она шаҳримизни чиройли, тоза ва файзли қилиш истагида бўлган ҳамшаҳарларимиз иштирок этдилар. “SOS Ўзбекистон болалар шаҳарчаси”нинг тарбияланувчилари ҳам ушбу тадбирга таклиф қилинди.

Ekomaktab ННТ вакиллари йиғилганларга экологик муаммолар ва дарахтларнинг аҳамиятини тушунарли ва қизиқарли шаклда айтиб бердилар. Шунингдек, Экологик қурилиш бўйича кенгаш ҳамда Ботаника боғи вакиллари нутқ сўзладилар.

Бундан сўнг иштирокчилар дарахтларни экишни бошладилар. Жами 20 та павловния ва софора кўчатлари экилди. Улардан 15 таси учун КНАУФ компанияси тўлов қилди, 5 таси эса “Ўзбекистон ландшафт дизайни” компанияси томонидан тақдим этилди. Ушбу компаниянинг вакиллари дарахтларни экиш қоидалари бўйича маслаҳат кўмагини кўрсатди.

“Махсустранс” ДУК суғориш учун сув машинаси, чиқиндиларни олиб кетиш учун махсус машина, шунингдек, белкурак, хаскашлар ва челаклар таъминлади. Esco Orient корхонаси томонидан дарахтларни парваришлаш учун тегишли анжомлар беғараз равишда топширилди.

Чилонзор туман Ободонлаштириш бўлими томонидан дарахтларни экишда фаол ёрдам кўрсатилди.  Дарахтлар учун кейинчалик суғориш бўйича масъулият Чилонзор туман ободонлаштириш хизмати зиммасидадир.

Бундай акцияларни мунтазам равишда, шаҳарнинг барча туманларида турли ташкилотларни жалб қилган ҳолда ўтказиш режалаштирилган.

Экологик акция